Илҳомбахш The Village, таржима ва «Копи-паст» МЧЖ

Feb 02, 2014 18:14

Look At Me’нинг иловаси сифатида пайдо бўлиб, бугун бир мустақил, тўла маънода шаҳар нашрига айланиб бўлган The Village лойиҳаси юрагида веб-ношир бўлиш истаги бор одамга тинчлик бермайди. Ўзим шунга яққол мисолман.

Ҳозирги кунда Москвадан ташқари Санкт-Петербург ва Киевнинг-да янгиликлари, маданий ҳаёти, емакхоналари-ю, ишга жамоат транспортида қатнайдиган одамлари ҳақида маълумот берадиган The Village бир жонли, фойдали, ўз навбатида, одамларга (хусусан, веб-ноширларга) илҳом бағишлайдиган лойиҳага айланган. Лойиҳа ўзининг илҳомбахшлигини билиб, ўзидан илҳом олган турдош лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот беради. Ғаройиб лойиҳа.

The Village’нинг мен энг кўп ёқтирадиган йўналишдаги мақолалари - «Хориж тажрибаси». Дейлик, Москвада пулли автотўхташ жойлари жорий этилиши ҳақида хабар чиқди. The Village автомобиллар тўхташ жойлари, қаерда қандайлиги, қаерда бунинг учун пул олиниши ва нима учун пул олиниши, хуллас, хорижда бу борадаги ишлар қандайлиги ҳақида маълумот беради. Тан олиш керак, жуда яхши беради. Москва маъмурларини танқид қилмайди, «Мана, Лондонда мана шундай, шундай қилинглар!», ҳам демайди, фақат кўрсатади - Лондонда бундай, Берлинда бундай, Нью-Йоркда эса - бунақа, бизнинг Москвада эса мана бунақасини қилишмоқчи, деб.

Дейлик, The Village’нинг Тошкент учун мўлжалланган алоҳида нашри бўлганида эди, Тошкент ҳокими Раҳмонбек Усмоновнинг гаражларни бузиб, ўрнида янги автотўхташ жойларини ташкил қилиш тўғрисидаги қарори чиққанида, биздан анча аввал гаражлар муаммосига тўқнаш келган хорижнинг илғор мамлакатларида ушбу масалага қандай ёндашилгани ва қандай ҳал қилингани ҳақида, албатта, чиройли мақола берган бўларди. Нега Kun.Uz ёки Daryo.Uz эмас, айнан The Village берган бўларди? Ваҳоланки, бундай таққослама таҳлил Kun ёки Daryo ўқувчилари учун ҳам қизиқ. Шунчаки, айнан ҳозир (ўтган йили ҳам - ҳокимнинг бекор қилинган бу қарори ўтган йили чиққан) Kun’да бундай таҳлиллар қилиш, бундай «тадқиқотчалар» олиб бориш учун етарли ресурси йўқ (вақт ҳам йўқ, очиғи), лекин The Village ёзса - таржима қилишга вақт топилади.

Ўтган йили Тошкентда «велосипедга қарши уруш» бошланганида, велосипедлар ва велосипедчилар билан қандай муносабатда бўлиш кераклиги ҳақида The Village’да чоп этилган қатор мақолаларни таржима қилиб, Kun’да бергандик. Бу таржималар қанчалик самара берган, қанчалик фойдали бўлгани бизга маълум эмас, лекин шу қилган ишимиз ўзимизга маъқул келган.

Мен аввал ҳам бир ёзгандим, The Village ёки унинг Россиядаги турдошларига ўхшаш онлайн-нашрни ишга тушириш истагим борлиги ҳақида. Ҳозирча ўзбек тилида фаолият олиб бораётган шундай сайтлардан бири сифатида JZ.uz’ни кўрсатишим мумкин. Тошкент учун - Afisha.Uz бор, лекин русча, MyDay.Uz’нинг ҳам русчаси фаолроқ. Яна қайси шаҳримиз учун шундай лойиҳалар борлигидан, ҳозирча, бехабарман. Лекин шундай лойиҳалар керак. Улар жуда мустақил бўлмаса ҳам, ярим-мустақил бўлиши, вилоят ёки шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг «сувли» ва айни вақтда «қуруқ» хабарларига муқобил янгиликлар бера олиши, ўзгача (яъни, ҳеч бўлмаса учта савол: ким, нима, қачон; ўхшаса, бешта савол: ким, нима, қачон, қаерда, нима учун саволга бера оладиган нормал) қарашга эга бўлиши керак. Бундан ҳамма ютади. Менимча.

Ўзи нега шунча гап ёздим?! Ҳаммаси The Village’нинг ғояси юрагида веб-ношир бўлиш истаги бор одамларга тинчлик бермаслигидан бошланган эди. ТАТУда ўқийдиган талабалар шаҳар ҳаёти ҳақида ёзадиган imPress деган сайт очишган экан. Энди уни сотадиган бўлишибди. Уни сотиб, яна бир шунга ўхшаш сайт очишмоқчи экан. iLike.uz’даги комментларни ўқиб, imPress’да чиққан икки хабарга кирдим. Иккиси ҳам The Village’дан олинган мақолалар, фақат кириш сўзи ва хулосалари «тошкентлаштирилган». Тушундимки, лойиҳа эгалари The Village’дан илҳом олишган, шу илҳомнинг биринчи самарасини сотиб, The Village’ни тошкентчалаштириш учун иккинчи уринишни бошлашган. Ҳар нима бўлганда ҳам - яхши ташаббус.

Лекин нега ўзбекча эмас, а?

Баъзан рус тилида сайт юритадиган ўртоқларимизга ҳавасим келади. Улар доим «Копи-паст» МЧЖ хизматидан беминнат фойдаланишлари мумкин. Ҳуқуқшунослик ва қонунчиликка оид янгиликларни Norma’дан, Ўзбекистоннинг тинмай ривожланиб бораётгани, қишлоқлари ободлашаётгани ва спортчилари фақат ғалаба қозонаётгани ҳақида янгиликларни ЎзА, Туркистон-Пресс, вазирликлар, қўмиталар, идораларнинг сайтларидан, Ўзбекистоннинг бошқа янгиликларини иштирокчилари асосан рус тилида фикр алмашадиган Ўзбекистоннинг энг оммабоп форумларидан, Фейсбукдаги гуруҳларидан, компаниялар, элчихоналар ва бошқа ташкилотларнинг матбуот хизматлари хабарларидан, жаҳон янгиликларини эса... буниси айтмай қўя қолай.

Лекин бу нолиш эмас. Сўнгги вақтларда «Копи-паст» МЧЖ ўзбек тилида ҳам жуда яхши ишлаяпти. Масалан, Kun.Uz охирги бир ойдан бери фақат шу «фирма» ҳисобига яшаяпти. Лекин бу дегани - янгиликлар сайти ёки The Village’га ўхшаган лойиҳани қилиш осон бўлиб қолди, дегани эмас. Тўғри, Tomchi.Uz’га ўхшаш янгиликлар агрегаторини қилиш беш йил аввалгидан кўра осонроқ, чунки бугун «Даракчи»нинг сайти ишлаяпти, умуман, бошқа нашрлар ҳам бўш келаётгани йўқ, кунда-кунора Sayyod’га ўхшаган Shov-shuv кўтариб туради, блогерлар ва микроблогерлар тинишмаяпти. Зерикишга вақт йўқ, ҳисоби. Лекин, «Бўлди, буни қандай қилишни билиб, тушуниб олдим, бир ойда шунақа нарса қилиб, ҳаммаёққа реклама осиб ташлаб, пулни тагида қолиб кетаман», деб ўйлаш кўп ҳам тўғри эмас.

Ҳар куни сенсация топиб, чоп этиш шарт эмас - ҳар ҳолда, журналистикаси бизникидан анча олдинда бўлганлар шундай дейишяпти. Умри абадий бўлган «Копи-паст» МЧЖ билан ҳам узоққа бориб бўлмайди. Ҳар нарсада меъёр бўлиши керак. Ва - Kun.Uz’га етишмаётган барқарорлик ҳам даркор. Шунда ўз-ўзидан етакчиларнинг ўрни алмашади. Шунда сиз ҳақингизда худди The Village ҳақида айтилган гапларни айтишади - «илҳомбахш!» деб улуғлашади.

Менимча.

Daryo - бу сўзларимга яхши мисол, тахминимча.

news, loyihalar, jurnalistika, matbuot

Previous post Next post
Up