Танлов учун

Jan 13, 2014 22:21

Бир замонлар, Тоҳир Қаҳҳор домланинг фелъетон дарсидан берилган топшириқни бажариш учун, Михаил Зошченкодан илҳом олиб, ўзим ва Диёр гувоҳи бўлган воқеага асосланиб, ёзгандим. Биринчи "Ватандош"да чиққан, 2011 йилмиди. Гуглни кэшидан қидирса, чиқиб қолар ҳали ҳам бўлса. "Ҳуррият"га кўтариб борсам, "Матиз"ни "қурбақабашара" деб бўлмайди, деб айтишганди (фикрда жон бор: шунча халқни боқаётган мошинани қурбақага тенглаштириш - маъқул иш эмас, шекилли).

Ҳар эҳтимолга қарши, ЎзБлоггерлар танлови баҳона, шу нарсани чоп этишга қарор қилдим. Танлов учун.

ҚОНУН ҲИМОЯЧИСИ ЛЕЙТЕНАНТ ТЎХТАСИН
(Эски замондан. Йўл жарималари ошганидан кейинги кунлар - янги замон)

Ҳозирги йўл нозирлари фақат қонунни ҳимоя қилишади. Қонунни буздингми, тамом - жазоланасан. Тўхтатганида, чўнтагига беш сўм қистирсанг, ҳайдовчилик гувоҳноманг чангини қоқиб бериб, «честь» билан оқ йўл тилайдиган нозирлар эски замонларда қолиб кетган...

«Катта»нинг ка-атта уйи олдидаги «катта-катталар»нинг хизмат машиналари ўтадиган катта кўча. Ана, бизнинг, йўғе, замонамизнинг қаҳрамони, йўл нозири лейтенант Тўхтасин. Хизматда. Бугун у мана шу катта кўчада навбатчи. «Катта-катталар»нинг машиналари светофорнинг қизил чироғида сарғайиб қолмасликлари учун, рациядан кўрсатма келган вақтда, чорраҳа ўртасига чиқиб, қўлидаги қизил таёқчасини тинмасдан айлантириб туради. «Катта-катталар»нинг машинаси унинг ёнидан ўтаётганида «честь» беради.

«Катталар»нинг машинасидан бўш вақтида асосий иши - кичкина-кичкина одамларнинг машиналарни тўхтатиш билан банд. Автобусдаги кондукторлар талабанинг олдидан беш марта ўтиб, олти марта йўл чиптасини сўраганида норозилик билдирганимиз қанчалик бефойда бўлса, Тўхтасинларнинг йўқ жойдан Сизнинг машинангизни тўхтатишганида ҳам бирон нима дейишга ҳаққингиз йўқ - у ҳақ, унда шундай ҳуқуқ бор. У ўзи хоҳлаган машинани тўхтатиб, ҳайдовчининг ҳужжатларини текшириб кўриши мумкин. Хизматчилик.

Ана, Тўхтасиннинг қўли қўлига тегмаяпти. Ҳозиргина бир пачоқроқ машина эгасининг ҳайдовчилик гувоҳномасини текшириб бўлиб, ортига ўгирилди ва светофорнинг яшил чироғига ўтиб келаётган, ўзимизнинг Асакадан «етиштирилган», «тойчоқ»ни тўхтатди. Ҳайдовчи ёш, ёш бўлса-да, шу чорраҳада ҳар доим йўл нозирлари ҳозир бўлиши билади, шунинг учун ҳам шу чорраҳага ярим-бир километр қолганида хавфсизлик камарини тақиб олган (шу ердан ўтиб олса - ҳақиқий катта кўча, ечиб ташлайди). Хуллас, ёш ҳайдовчи хотиржам.

Йўл нозири ҳайдовчининг ҳужжатлари орасидан қайсидир ҳужжатни тушириб юбордими?! Ҳайдовчининг: «Нимадир тушиб кетдими?», деган саволига, Тўхтасин: «Йўғе, тушиб кетган бўлса, машинадан чиқиб, олволинг», деб жавоб берди. Суғурта ҳужжати экан. Тўхтасин кўп ҳам чўзиб ўтирмади. «Укажон, машинани жарима майдончасига қўямиз!». Тўхтасиннинг «укажони» ҳайрон: «Ия, нега энди?». «Суғуртанинг вақти ўтиб кетибди!», - замонамиз қаҳрамони шундай деб жавоб бераркан, машина ойнасига қоғоз-қалам қўйиб, протокол ёзишга киришиб кетди. Бунча чаққон?

Ёш ҳайдовчи вазият қалтислигини тушунди. «Укажонимиз», кўринишидан, ялинадиганлар тоифасига кирмайди, лекин ҳозирги ҳолатда истисно қилса арзийди. «Акажон, бирор йўли бордир? Акажон, келинг, шуни ёзманг, ёзмай қўя қолинг!», дея ёш ҳайдовчи йўл нозирининг қўлига ёпишди. Тўхтасин Ҳолливуд фильмларини кўп ҳам иштиёқ билан кўрганга ўхшайди: «Укажон, қўлингизни қўлимдан олинг. Дарҳол! Қуролим бор!». Давомига қўшиб қўймади-да: «Гапирмасликка ҳаққингиз бор, гапирган ҳар сўзингиз судда ўзингизга қарши ишлатилади». Ҳай...

Ёш ҳайдовчи энди қўлини нозирга теккизмасдан илтимос қила бошлаганди ҳамки, тўсатдан, рация орқали кўрсатма келиб қолди. Чорраҳа ўртасига қараб югуриб кетди Тўхтасин: қайсидир «катта» ишига шошиляпти экан, ўтказвориш керак. Тўхтасин жонли светофор бўлиб қайтгунича, ёш ҳайдовчи суғурта ҳужжатларини бир кўриб чиқди: суғурта муддати кечагина тугаган экан - соат ҳали 12 ҳам бўлгани йўқ.

«Тойчоқ» эгаси: «Акажон, қўйиб юборсангиз бўларди. Атиги бир кун ўтиб кетибди. Ҳали бир кун ўтгани ҳам йўқ. Қўйиб юборсангиз, бир кунда ҳал бўладиган иш бўлса, шу бугунни ўзида тўғрилаб қўяман, акажон», деди.

Тўхтасин, «укажонини» худди тушуниб тургандек қиёфа қилиб, ёзишда давом этаркан, тушунтирди: «Укажон, Вазирлар Маҳкамасининг қарори бор, суғурта муддати бир соат ўтган бўлса ҳам жарима майдончасига қўйилиши керак. Ука, буни мен ўйлаб топмаганман, тушундингми?».

«Акажон, узр, билмасдан қонунни бузиб қўйибман, бир марта кечира қолинг! Қандайдир чораси бўлса айтинг, биздан қолиб кетмас?!». Тўхтасин тушунтирди: «Укажонни, қонунни эмас, қоидани буздинг!». Тўхтасинни йўл ҳаракати қоидаларидан дарс ўтиб берди: «Биринчи қоида: ҳайдовчи йўлга чиқиш олдидан ҳужжатлари жойида эканлигини текшириб олиши керак». Ҳа, ҳамма амал қиладиган қоидага, қаранг-да, шу бугун бизнинг ёш қаҳрамонимиз бўйсунмапти-да...

Тўхтасин ёзишдан тўхтай демасди, протоколни деярли тўлдириб бўлди. Ёш ҳайдовчи ишни ўзи битира олмаслигини тушунгач, илтимос қилишни ҳам, ялинишни ҳам тўхтатди. «Ака, мен сизни тушунадиган одам, деб гапиргандим. Бирор йўли бўлса, тушунтирсангиз, қўйиб юборсангиз бўларди... Мана, ҳозир машинани эгасини чақираман. Ўша киши билан гаплашасиз!». Тўхтасин: «Менга деса ундан каттасини чақир!», деб қўшиб қўйди.

Тўхтасин ва ёш ҳайдовчи «тойчоқ»нинг эгасини кута бошлашди. Тўхтасин яна бир-икки марта чорраҳа ўртасига, хизматга бориб келди.

Замонамиз қаҳрамони, орада бир, русийзабон ёш аёл ҳайдаб келаётган «Матиз»га «Тўхтасин!», деган буйруқни берди. Қурбақабашара машина светофорнинг яшил чироғида ўтгани билан, эгаси хавфсизлик камарини тақмаган экан.

Тўхтасин ҳам куларканми, а? Қизиқ нарсалар ҳақида гаплашишяпти шекилли, аёл ҳам куляпти. Ана, камарини тақиб олди. Тўхтасин аёл билан кулиб ҳайрлашиб, оқ йўл тиладими? Қойил!

Хавфсизлик камарини тақмаганлар жойида фалонча жарима тўлайди деб эшитгандик. Ёки Озод Шарқ аёлларига нисбатан бу қоида истисно қилинганмикин? «Тил - суяксиз!», деган мақол бўлгувчи эди; «Хуррам Султонлар» олдида тилга қўшилиб, тананинг бошқа аъзоларида ҳам суяк йўқ бўлиб қолади-ёв...

Ана, ана, келишди. Машинанинг катта эгаси, катта эганинг ёш ёрдамчиси Тўхтасин билан кўришишди. Ёрдамчи кўришувни анча қуюқ қилди. Ҳол-аҳвол сўради, уйдагилар ҳам эсдан чиққани йўқ. «Протоколни ёзиб қўйдизми?», деб сўради ёрдамчи. «Ҳа, машинани «штрафной»га оборамиз энди», деди Тўхтасин. «Бошқа бирор чораси йўқмикин?!», деди кўринишидан сўзга чечан, иши пишиқ ёрдамчи. «Бўлса олиб ўтирармидим», дегандек қилди Тўхтасин.

Ёрдамчи Тўхтасиннинг гапига ишонмади шекилли, қўл телефонида «чорасини биладиган акахонлар»дан бирига қўнғироқ қилди-ёв. «Шу, протоколни ёзиб қўйишибди-да. Ўзларига берайми?». Тўхтасин телефонни олди: «Протокол ёзилган. Ҳа. Хўп бўлади!». «Бўлдими?!», деди ёрдамчи. Тўхтасин бошини тасдиқ маъносида қимирлатиб қўйди: протоколнинг бўш қолган жойлари боракан. Кейин ёш ҳайдовчининг йўл гувоҳномасини олиб қўйиб, унга буюрди: «Йўл белгисига амал қилмаганим учун, деб ёзда қўл қўй!». Иш битди! Қайсидир куни қанчадир жаримани тўлаб, гувоҳномани қайтариб олиш мумкин. Машина эса йўлда давом этади.

«Тойчоқ»нинг катта эгаси ёш ҳайдовчини койиётган вақтда, иши пишиқ ёрдамчи билан Тўхтасин худди эски қадрдонлардек гаплашаётганди. Ёрдамчи: «Эсингиздами, бир Бешёғочда ҳам кўришгандик?». Тўхтасин: «Ҳа, ҳа. Эсладим. Билганимда-ку…».

Тўхтасин билмай қолибди-да, шунга шунча ваҳимами энди?

Ҳа-я, машинангизни суғуртасини янгилаб қўйинг. Эртага йўлингиздан Тўхтасин ёки унинг дўстлари чиқиб қолса, «чора билгувчи акахонлар»ни овора қилиб юрманг, деймиз-да.

blog, o’zim

Previous post Next post
Up