Хушнуд Худойбердиев ҳақида

Feb 12, 2014 09:31

Хушнуд Худойбердиевни 2008 йил августи, футболга ихтисослашган «Чемпион» газетаси фаолияти йўлга қўйилган вақтдан бошлаб шахсан танийман. Хушнуд Худойбердиевни, ўзи яхши билган ва билмаган деярли ҳар нарсага аралашавериши сабаб кўп-да танқид ва масхара қилсам-да, уни чин маънода энг яқин, энг яхши ва энг самимий дўстларимдан бири деб ҳисоблайман.

Кўзимга ғирт мақтанчоқ ва худбин, ҳазил-киноялари тутуриқсиз кўринишига қарамай (баъзан чидаб бўлмайди ва беихтиёр ҳақорат қиласан киши), кўп-да ундан хафа бўлиб юрсам-да, Хушнуд Худойбердиевни жуда қадрлайман; шу билан бирга, ҳазил ва киноялари жуда ёқмаган вақтларда (исталган бошқа ватқда ҳам) башарасига мушт туширгим келади. Хушнуд Худойбердиевнинг ҳаддан ташқари фаол ва ҳар нарсага улгураверишига баъзан ҳавас, баъзан эса ҳасад қиламан; уни «эринмаган банда» деб ҳисоблайман. Хушнудбек Худойбердиевдаги куч-ғайрат баъзан одамни олдинга ундайди, кўпчилик учун чақирувдек бўлади, бироқ баъзи ҳолатларда асабга ҳам тегади. Хушнуд Худойбердиевни тузатиб бўлмайди, деб ўйлайман.

Хушнуд Худойбердиев ўзига кўп ва катта масъулият олади, бунга унинг билим ва салоҳияти йўл қўяди. Бироқ баъзан чегарани йўқотиб қўяди, деб ўйлайман; шу сабаб, фавқулодда муаммоли масалалар бўйича унга жамоатчилик олдида мурожаат қилишса, саволни ёки мурожаатни жавобсиз қолдириши мумкин. Фикримча, Хушнуд Худойбердиев муаммоли масалар бўйича жамоатчилик олдида жавоб бермаса-да, савол эгасига шахсан ёрдам беришга ҳаракат қилади. Хушнуд Худойбердиев ёрдамдан қочмайдиган ва ҳар доим ёрдам беришга тайёр инсон сифатида биламан. Шахсан ўзим 2013 йил охири (бабочка яхши эди) ва 2012 йил августидаги ва бошқа катта ёрдамларини жуда қадрлайман ва ҳеч қачон унутмайман.

Хушнуд Худойбердиевга ўзининг асосий мақомини ўзи учун аниқлаб олишни тавсия қиламан (ҳуқуқшунос, блоггер, журналист ва ҳ.к.). Бу нарса унинг шахсига эътибор қаратилганда ёки унга манба кўрсатилганида ОАВ томонидан жамоатчиликка уни осон таништиришда ёрдам беради. Яна, ҳазилларни ҳақиқатан ҳам тушунмаслигим ҳақидаги мурожаатларимни эътиборга олишини сўрайман.

Хушнуд Худойбердиевга омад, бахт, муваффақият ва ривож тиламасам ҳам, у шундоқ ҳам омад, бахт, муваффақият ва ривожга эришаверади, бунга ишончим комил. Шундай бўлса-да, унга барибир омад ва бахт тилайман, куч-ғайрати сўнмасин, асабга камроқ тегиб, одамларга фойдали бўлишда давом этаверсин. Тахминимча, Хушнуд Худойбердиев эътибордан қолса, жинни бўлиб қолади - шу сабаб, уни жинни бўлмаслигини, эътибордан қолмаслигини ва ҳар доим диққат марказда бўлишига тилакдошман.

fikr, o'zim

Previous post Next post
Up