Жинпинг

Jun 20, 2016 00:00

Кўплаб жиҳатлар бўйича мустақил бўлганимиз билан, таассуфлар бўлсинким, камида ахборот каналлари бўйича ҳали ҳам мустамлакамиз. Қўрқаманки (умуман олганда, қўрқмайман ҳам), биз бу борада ҳеч қачон тўла, жилла-қурса Эрон ё Туркия даражасида мустақил бўла олмаймиз. Шунчаки, вақт ўтиши билан, ахборот оқимлари устидаги рус мустамлакачилиги турк, араб ёки инглиз мустамлакачилиги билан алмашиб туриши мумкин. Бу бор-йўғи кайфиятга - авлодлар ва ўша авлодларга раҳбарлик қилаётганларнинг кайфиятига боғлиқ жараён, холос, тахминимча.

Шундай қилиб, менинг фикри ожизимча, ахборот каналлари борасида - қанчалик хунук жарангламасин - биз ҳали ҳам рус мустамлакасимиз. Дейлик, бизда жаҳондаги у ёки бу жой номларини ўзбек тилида тўғри ёзиш ва талаффуз қилиш бўйича бирорта замонавий, XXI асрда ёзилган нуфузли қўлланма борлигидан хабарим йўқ (бу - шундай қўлланма чиқмаган дегани эмас, бундан бор-йўғи менинг хабарим йўқ - ҳамма нарсадан хабардор бўла олмайман-ку). Лекин шундай қўлланмам бўлиши айни муддао бўларди.

Шу муносабат билан, биз жуда кўп жой номларини рус тили орқали биламиз: Бейцзинни Пекин, Пёнгянгни Пхеньян деймиз ва ҳ.к. Русларда хитой ва корейс (шунингдек, япон) тилларидан транскрипция қилиш қоидалари бор (Концевич тизими, Палладий тизими, Поливанов тизими каби). Ўзбек тилида ҳам шундай қоидалар борми-йўқми - у ёки бу жой номларини ўзбек тилида тўғри ёзиш ва талаффуз қилиш бўйича замонавий қўлланма ҳақида қанчалик билсам, бу ҳақида ҳам шунчалик хабардорман.

Шунинг учун ҳам «Нега Си Жинпинг эмас, Си Цзиньпин деб ёзяпмиз?», дейдиган дўстларимизнинг эътирозлари мен учун сал ғалати кўринади. Бундай эътирозлар асосан дунё кўрган, чет тилидаги китоб-журналларни сизу биздан бироз кўпроқ кўрган ҳамюртларимиз томонидан билдирилади. Сизни билмадиму, мени улар билан боғлаб турадиган битта ёқимли жиҳат бор - улар ҳам, мен ҳам ахборот («Си Цзиньпин» ҳам ахборот) олишда Пушкин тилига қарам бўлишни хоҳламаймиз: хорижий исмлар, номларни руслар ёки форслар каби она тилимизга мослай олмас эканмиз, ҳеч бўлмаса оригиналидек ёзайлик, деймиз. Лекин бизга ўхшаганлар денгиздан томчи.

Жинпинг эмас Цзиньпин, Ким Ил Сан эмас Ким Ир Сен деб ёзаётгани учун ҳозирги ўзбек журналистларидан хафа бўлиш маъқул иш эмас. Биринчидан, ўша журналистларнинг кўпига ўзбекча фамилияларни совет паспортидаги қўпол, кулгули хатоси билан ёздиришдан ор қилмайдиган кишилар раҳбар ҳали. Иккинчидан, балки «дунё кўрган томчи»ларимиз Ким Ил Сан билан Ким Ир Сеннинг бир одам эканлигини осон англай олар (уларнинг ҳам аксариятида барибир бир муддат иккиланиш бўлишига шубҳа қилмайман), лекин болаларини рус боғча-ю, рус мактабга бериш ниятидаги ичкаридаги омманинг уйида фақат Россияни кўрсатувчи телевизор Ким Ир Сен деб турса-ю, матбуотчиларимиз Ким Ил Сан деб ёзса - ҳамма қийналади. Икки имлолик ташвишининг ўзи етарли ҳозир.

Кун келиб, ахборот масаласида рус мустамлакачилигидан озод бўлишимизга шубҳа йўқ. Унгача пулдан кўра илмни афзал билган (ёки илмсиз бўлса-да, олимнинг бошини силашга ўзида куч топа олган орифбойнинг қарамоғида қолган) ҳақиқий олимларимиз исмлар, жой номлари ва бошқаларни чет тиллардан ўзбек тилига таржима қилиш қоидаларини ишлаб чиқиб, камида тилшуносларимиз, таржимонларимиз ва журналистларимиз учун дастуруламал тайёрлаб бера олар. Ана ўшанда Хитойнинг янги президентининг исми рус тили орқали эмас, ўз тилимиз (ёки ахборот борасида бизни ахборот масаласида мустамлака қилган бошқа бир қудрат эгасининг тили) орқали айтилади.

PS. «Денгиздан томчи» деганларимнинг эътирози Ўзбек Википедиясидаги бир гуруҳнинг иддаолари олдида, албатта, мақбулроқ. Ўша википедиячилар хорижий исмлар, жой номлари, атамаларни ўша хорижий тилнинг оригиналидек ёзиш зарур дегани учун ҳам бугун Жан-Поль Сартр ҳақидаги мақолани Ўзбек Википедиясида ўқимоқчи бўлсам, уни тинчгина русча викидан қидираман (ўзбекчасида бир уринишда топа олмаслигими мумкин) ва у ердан ўзбек викига - Jean-Paul Sartre мақоласига ўтаман (Ўзбек Википедиясининг кириллчасида бу мақола яна ҳам «чиройлироқ» кўринади). Турк киши Streisand etkisi мақоласида гап Барбара Стрейзенд ҳақида кетаётганини қийинчиликсиз тушунар, бироқ ўртача ўзбекистонлик ҳам бу мақоланинг ўзбекчасидаги Streisand’ни дастлаб Cтрэисанд деб ўқийди, менимча. Ҳаммани ўзимга ўхшатаётганим бош хатоимдир балки.

jurnalistika, matbuot, o'zbek tili

Previous post Next post
Up