Уч йил

Jan 28, 2015 20:57

2015 йил 9 январдан Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ходими эмасман.



2012 йил, 14 март. Ўзбекистон - БАА (2:3) ўйини арафасида

2012 йил бошида ишга таклиф қилгани ва қабул қилгани, шу ўтган йиллар давомида йўл қўйган камчиликларим, ўзимга яраша инжиқликларим, уйқучилигимга чидагани, хато қилганимда тўғри йўл кўрсатиб, қўллаб-қувватлагани, ҳамма кўрсатмасини ҳам вақтида кўнгилдагидек бажаролмаган бўлсам-да, имконияти доирасида ҳар доим ёрдам бергани, ўзим иккиланганимда ҳам ишониб, тушимга ҳам кирмаган, орзу ҳам қилмаганим хориж сафарларига жўнатгани ва яна бошқа кўп-кўп яхшиликлари ва ҳар доим тушунгани учун Санжар акага миннатдорлик билдираман.

Яхши гапириб дўппослаб тургани учун Бахтиёр акага, аччиқ гапириб мақтаб тургани учун Ҳасан акага, устозим Бахтиёр акадан кам устозлик қилмагани ва акалардек меҳрибонлик кўрсатгани учун Шерзод акага, таърифига тил ожиз беқиёс инсон Жамол акага, умуман, ким билан бирга ишлаган бўлсак, ҳаммасига раҳмат айтаман. Тенги йўқ одамлар билан ажойиб уч йил ўтказдим, ўзимни асосан фақат “немислигим”ни кўрсатиш билан ёдда қолган бўлсам-да, улардан кўп ёрдам, меҳр олдим.



Шу одамлар бирга бир жойда ўтириб ишлаш учун текинга ҳам ЎзПФЛга ишга киришга розиман, рости (лекин бу хоҳишим, бахтга қарши, ҳаётдаги кўплаб талаб-эҳтиёжларга ҳозирча тўғри келмай тургани сабаб, 9 январдан...). Урушга кетаётганим йўқ-ку, Тошкентдаман, фақат бошқа-бошқа жойда ишлаймиз, холос. Кўришиб туриш учун эса сабаб-баҳоналар тиқилиб ётибди.

ЎзПФЛда ишлаётганимда Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Лондон-2012га, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бразилия-2014га чиқолмади, афсуски. Лекин Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ўз тарихида биринчи марта Осиё чемпиони бўлди. Биров бундан роппа-роса уч йил аввал: “Осиё чемпиони медалини оласан”, - деса, албатта, “Масхара қилма мани!”, - деб устидан кулган бўлардим ўша одамнинг.



Ҳаммаси учун раҳмат!

PS. Воқеалар ривожини эса Kun.uz кўрсатади - яхшироқ ишлашга яхшилаб ҳаракат қиляпмиз.

o'zim, yilnoma

Previous post Next post
Up