Ой тўлган тун...

Mar 14, 2014 23:57




Ой тўлган тун. Кезганим маҳал,
Осмон юлдуз туғмай қўйганда,
Соғинч мени ямласа ҳар гал,
Умрим тундан обдон тўйганда.

Ва шивирлаб сўйласа кўнгил,
Одам эмас тингласа юлдуз.
Ҳаёт шуми? Тикилсанг зингил -
Баҳор, қишмас, ёз эмас, бу - куз.

Ва титрасанг, тонгни кутиб жим,
Ойдин тунлар инмаса дилга.
Бахт адашди. Бахтимми? Балким?..
Ҳожат борми бу тунда тилга?

Ва йиғласанг, кўзёшинг оқмай,
Сукунатнинг ёмғири - шаррос.
Келмаса у эшигинг қоқмай,
Ярминг қайда? Ярминг тунга хос.

О, оқшомлар толдирди мени,
Юрагимни савадим жундай.
Чанглар эмас хотиранг сени,
Кўтарилар оппоқ-оқ кундай.

Тақдир - урчуқ, йигирар тинмай,
Пойларингга қилди-ку гилам.
Савағич - тун, савайди синмай,
Эсламларинг кетмади бирам.

Энди, шаксиз, олға юролмай,
Шу манзилда топарман қўним.
Англаганим: юрак - синиқ най.
Тун эмас бу - ёпинган тўним.

Ой тўлган тун, кезганим маҳал,
Чалкашаман йўқдайин йўлим.
Соғинчларинг - меҳмондир азал,
Келмайсанми тунимга, Гулим?..

(02. 09.2012)
анонимный автор

тун, юлдуз, хаёт, ой, севги, согинч, шеър, аноним

Previous post Next post
Up